Пахтадан мўл ҳосил олиниб, юксак хирмон яратилди
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тинимсиз меҳнат ва тўғри ташкил этилган агротехник тадбирлар ҳар доим ўзининг юксак самарасини бериб келган. Жорий 2026 йилги ҳосил йиғим-терим мавсумида Амударё тумани миришкорлари ҳам ана шундай улкан зафар маррасини забт этишга муваффақ бўлдилар. Тумандаги мавжуд 337 та фермер хўжалиги томонидан жами 13000 гектар майдонга чигит қадалиб, умумий ҳисобда эса 64175 тонна "оқ олтин" етиштириш мақсад қилинган эди. Ерга меҳр бериш ва ҳалол меҳнат натижасида фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари контрактация шартномаси бўйича зиммасига олган режаларни 16 октябрь куниёқ ортиғи билан, яъни 100,4 фоизга бажаришга эришдилар. Натижада ҳар бир гектар ердан олинган ҳосилдорлик 49,5 центнерни ташкил этиб, жами 64430 тонна пахта хирмони яратилди.
Етиштирилган мазкур бойликни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, нес-нобуд қилмай ва ўз вақтида йиғиб-териб олиш мақсадида туманда жами 390 та махсус терим отряди ташкил этилди. Ушбу жараёнда техника қудрати ва инсон омили уйғунлиги таъминланиб, далаларга 25 та юқори унумдорликка эга бўлган пахта териш машинаси ҳамда 35800 нафар теримчи жалб қилинди.
Аҳамиятлиси шундаки, ҳашарчиларнинг 7000 нафарини бевосита фермер хўжалиги ишчилари ташкил қилган бўлса, қолган 28800 нафари уюшмаган аҳоли вакилларидан иборат кўнгилли теримчилардир. Мавсум давомида замонавий техникалар ва минглаб ҳашарчиларнинг узлуксиз меҳнати эвазига кўзланган ҳосил тўлиқ йиғиштириб олинди.
Ўз навбатида, қилинган ҳалол меҳнат муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, хизмат кўрсатган 25 та пахта терим машинаси фаолияти учун тижорат банклари томонидан 3 млрд 440 млн сўм миқдоридаги маблағлар тўлаб берилган бўлса, далада тер тўккан 35800 нафар кўнгилли теримчиларнинг даромадини таъминлаш мақсадида уларга жами 30 млрд сўм иш ҳақи тарқатилди. Бир сўз билан айтганда, Амударё туманида 2026 йилги пахта мавсуми нафақат юқори ҳосилдорлик, балки аҳолининг бандлигини таъминлаш ва уларнинг моддий фаровонлигини ошириш йўлидаги муҳим иқтисодий қадам бўлди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶