Нуронийлар ўртасидаги кўрик танловнинг туман босқичи якунланди
Жамиятда кекса авлод вакилларининг ўрни ва мавқеи, уларнинг ҳаётий тажрибаси ёш авлод тарбиясида қанчалик муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда, сўнгги йилларда мамлакатимизда фахрийлар ва нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кекса авлод вакилларининг узоқ йиллик меҳнат ва ҳаёт тажрибаси, уларнинг сўзи ва ўгити ёшлар онгига таъсир ўтказишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу йўналишдаги ишлар маҳалла даражасида изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатлар ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларининг бевосита маҳаллаларда ҳал этилиши, шунингдек, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш имконини бермоқда. Айни пайтда ушбу ҳужжатлар кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва тажрибасидан жамият манфаати йўлида кенг фойдаланиш учун ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиб бермоқда.
“Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида фуқаролар йиғинларида юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига ўзининг фаол ҳиссасини қўшиб келаётган, обрў-эътиборли, юқори ҳаётий тажрибага эга бўлган нуроний ва фахрийларга ҳудудлар бўйлаб 10 нафардан тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшлар бириктириб берилган. Бундай ёндашув ҳар бир ёшнинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш, унинг оиладаги ва маҳаллададаги аҳволини яқиндан ўрганиш имконини бермоқда.
Жорий йилнинг 21 август куни Амударё туманида мазкур тамойил асосида ўзларига бириктирилган ёшларга яқиндан ёрдам бериб келаётган нуронийлар ўртасида махсус кўрик танловнинг туман босқичи ўтказилди.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раисининг ўринбосари Ғафур Калмуратов иштирок этиб, Президентимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътибор, шунингдек, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашаётган фаол нуронийлар томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилаётган бир қатор ишлар хусусида сўз юритди.
Кўрик танловнинг туман босқичида нуронийлар ўртасидаги уч шарт бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати эътиборига ўзларининг кундалик фаолиятини акс эттирувчи фотоальбомларини ҳавола этдилар. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари тақдим этилган материаллар билан батафсил танишиб, ҳар бир иштирокчининг фаолиятига холис баҳо берди.
Хусусан, нуронийлар ўзларига бириктирилган ёшлар билан ишлаш жараёнлари, уларни иш билан таъминлаш, бирор бир касбни эгаллаши учун касбга ўқитиш, давлат субсидия маблағларини жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширган ишлари бўйича қатнашдилар. Кўриниб турибдики, беллашув шартлари нуронийлар фаолиятининг барча йўналишларини — таълим, бандлик ва оила мустаҳкамлиги масалаларини қамраб олган.
Қайд этиш жоизки, танлов давомида тақдим этилган материаллар кекса авлод вакилларининг ёшлар билан яккама-якка суҳбатлари, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш йўлидаги кундалик меҳнати натижаларини яққол кўрсатиб берди. Айни шу меҳнат самараси ўлароқ кўплаб ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топиб, касб-ҳунар эгаллаш ва меҳнат фаолиятини бошлаш имконига эга бўлмоқда.
Якуний натижаларга кўра, Дурунки маҳалласининг фаол нуронийси Амангул Қаюпова 1-ўринни, Беруний маҳалласи фаол нуронийси Шукуржон Хўжамуратова 2-ўринни, Қорамон маҳалласи фаол нуронийси Ҳабиба Мамурова эса 3-ўринни эгаллади.
Ғолибларнинг барчаси “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан пул мукофотлари ҳамда диплом билан тақдирланди. Кўрик танловда фаол иштироки билан ажралиб турган бошқа нуронийларга “Нуроний” жамғармаси Амударё тумани бўлими томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Бундай беллашувлар нуронийларнинг сермазмун фаолиятига муносиб баҳо бериш билан бирга, маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг илғор усулларини оммалаштиришга ҳам хизмат қилади. Танловда намоён бўлган иш услублари бошқа маҳаллалар нуронийлари учун ҳам ўзига хос намуна вазифасини ўтайди. Тажриба алмашиш имконини берадиган ана шундай танловлар туфайли маънавий кўмакка муҳтож ёшлар билан ишлаш тизими янада мустаҳкамланиб, кекса авлод билан ёшлар ўртасидаги маънавий кўприк тобора мустаҳкам бўлиб бораверади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶