49-сонли боғчада экологик тарбиянинг амалий методикалари намойиш этилди
Инсоннинг табиатга бўлган муносабати катта ёшда эмас, балки болаликда, кундалик ҳаётдаги оддий одатлар орқали шаклланиши педагогика фанида аллақачон исботланган ҳақиқатдир. Чироқни ўз вақтида ўчириш, жўмракни маҳкам бураб қўйиш ёки ахлатни белгиланган жойга ташлаш каби кўникмалар мактабгача ёшда сингдирилса, улар умрбод сақланиб қолади. Шу боис экологик тарбия бугун мактабгача таълим тизимининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Мамлакатимизда «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида бу соҳага эътибор янада кучайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори экологик таълимни барча босқичларда тизимли йўлга қўйиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Мазкур қарорда мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар учун «Жажжи экологлар» лойиҳасини ташкил этиш белгиланган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қўшма қарори қабул қилиниб, лойиҳа шу асосда амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади мактабгача ёшдаги болаларда экологик билим ва кўникмаларни ривожлантириш, уларда табиатга меҳр-муҳаббат, экологик маданият ҳамда атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантиришдан иборат. Бу вазифаларни ҳал этишда тарбиячиларнинг методик тайёргарлиги ва илғор тажрибаларни алмашиш алоҳида аҳамиятга эга эканини инобатга олган ҳолда, жойларда кўргазмали тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Амударё туманидаги 49-сонли мактабгача таълим ташкилотида «Жажжи экологлар — табиатни асраймиз!» шиори остида бўлиб ўтди. Унда «Кичик қадамлар — катта ўзгаришлар: болаларда экологик маданиятни шакллантириш» мавзусидаги воркшоп ўтказилиб, экологик тарбиянинг амалий усуллари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Тадбирда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг масъул ходимлари, шаҳар зонасидаги мактабгача таълим ташкилотларининг директор ўринбосарлари ҳамда ҳар бир мактабгача таълим ташкилотидан биттадан тарбиячи қатнашди. Шунингдек, 49-сонли мактабгача таълим ташкилотнинг педагог ходимлари ва тарбияланувчилари ҳам иштирок этди.
Воркшоп давомида экологик тарбияни ташкил этишнинг учта методикаси кўрсатиб берилди. Уларнинг ҳар бири болаларда табиатга меҳр, тежамкорлик, масъулият ва экологик маданиятни ривожлантиришга хизмат қилади. Методикалар қуруқ назария шаклида эмас, балки тарбияланувчилар иштирокидаги амалий машғулотлар орқали намойиш этилгани тадбирнинг ўзига хос жиҳати бўлди.
Дастлаб «Табиатни асраймиз» методикаси билан танишилди. Бу усул орқали болажонлар табиат ҳимоячиларига айланиб, турли экологик вазиятларни ўрганади, муаммоларга ечим излайди ва табиатни асрашнинг аҳамиятини англайди. Амалий машғулотни боғча тарбиячиси «Эко-қаҳрамонлар саргузашти» мавзусида ташкил этди.
Машғулот жараёнида тарбияланувчилар сувни тежаш, дарахтларни асраш, чиқиндиларни тўғри жойлаштириш ва ҳайвонларга ғамхўрлик қилишга оид топшириқларни бажарди. Ўйин шаклида берилган вазифалар болаларнинг қизиқишини орттириб, экологик тушунчаларни онгига осон ва табиий тарзда сингдиришга имкон беради.
Навбатдаги методика — «Сторителлинг», яъни ҳикоя қилиш усули бўлиб, у болаларнинг тасаввури, нутқи ва ижодий фикрлашини ривожлантириш билан бирга экологик билимларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Машғулот учун турли расмлар туширилган кубиклардан фойдаланилди. Ўйин тартибига кўра, бола кубикни ташлаб, ҳикояни «Бир куни...» деб бошлайди, кейинги иштирокчи эса унга янги тафсилот қўшади. Шу тариқа болалар ҳикояни тинглаб, саволларга жавоб берди, воқеаларни давом эттирди ва табиатни асраш ҳақидаги ўз фикрларини билдирди.
Учинчи методика «Менинг табиатдаги изим» деб номланади. Слайдлар ва кўргазмали воситалар ёрдамида болаларга «яхши из» ва «ёмон из» акс этган расмлар кўрсатилиб, қайси ҳаракатлар табиатга фойда, қайсилари эса зарар келтириши муҳокама қилинди.
Тарбияланувчилар расмларни мос гуруҳларга ажратиб, уларни ранг билан белгилаш топшириқларини бажарди. Суҳбат давомида сувни тежаш, чиқиндини тўғри ташлаш ва ўсимликларни асраш каби одатлар ҳақида сўз юритилди. Бу методика болага ўзининг ҳар бир ҳаракати атроф-муҳитда из қолдиришини англашга ёрдам бериши билан аҳамиятлидир.
Тадбирнинг бадиий қисмида 49-сонли мактабгача таълим ташкилот ходимлари томонидан тайёрланган «Табиатни асраймиз!» номли саҳна кўриниши намойиш этилди. Шундан сўнг болажонлар ўзлари тайёрлаган рақсларни ижро этди, қувноқ куй-қўшиқлар эса меҳмонларнинг кайфиятини кўтариб, тадбирга алоҳида файз бағишлади.
Шаҳар зонасидаги мактабгача таълим ташкилотлари вакилларининг бир жойга жамланиши ушбу воркшопни тажриба алмашишнинг амалий майдонига айлантирди. Оддий воситаларга таянган бу методикаларни бошқа муассасаларда ҳам қўллаш мумкин. Зеро, экологик маданият шиорлар билан эмас, ҳар куни такрорланадиган кичик амалий ҳаракатлар орқали қарор топади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶