Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади
Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда китобхонликнинг ўрни беқиёс. Бу борада давлат органлари билан биргаликда жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Ёшлар ўртасида, айниқса чекка овулларда мутолаа маданиятини ривожлантириш мақсадида «Тараққиёт кўзгуси» газетаси таҳририяти томонидан «Мутолаа завқи» номли грант лойиҳасига старт берилди. Лойиҳа Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ва Парламент комиссияси томонидан қўллаб-қувватланган.
Ушбу лойиҳа доирасида Амударё тумани Ахборот-кутубхона марказида лойиҳа тақдимоти ва ижрочилар билан учрашув ўтказилди. Қизғин муҳокамалар руҳида ўтган мазкур йиғилишда грант лойиҳасининг иш режаси, китобхонлик клублари ташкил қилинадиган жойлар ҳамда уларнинг етакчилари тасдиқланди.
Учрашувда Амударё тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг маънавият ва маърифат масалалари бўйича методисти, шунингдек, лойиҳа қамраб оладиган 6 та мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди. Лойиҳа координаторлари Маҳмуджон Шомуродов ва Мансур Тожибоевлар йиғилганларга лойиҳанинг мақсади ҳамда вазифалари, уни амалга оширишдан кўзланган мақсад ҳақида маълумотлар берди.
Тасдиқланган режага кўра, чекка ҳудудлардаги мактаблар негизида жами 6 та «Китобхон ёшлар» клуби ташкил қилинади. Булар Қизилчоли маҳалласидаги 9-мактаб, Холимбег овулидаги 20-мактаб, Тош ёп овулидаги 76-мактаб, Қипчоқ овулидаги 11-мактаб, Хитой овулидаги 85-мактаб ва Бобур номли овулдаги 86-мактабдир. Ҳар бир клубда камида 15 нафар доимий аъзо бўлади ва етакчи сифатида мактаб кутубхоначиси ёки адабиёт ўқитувчиси фаолият юритади. Ушбу масканларда «Ойнинг китоби» муҳокамаси ўтказилади. Энг асосийси, ёшларнинг бадиий асарларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ҳар бир клуб 200 та китобдан иборат янги тўпламни қабул қилиб олади. Умумий ҳисобда клублар учун 1200 та адабиёт харид қилиниши кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳанинг вазифалари фақатгина клублар очиш билан чекланиб қолмайди. Унинг доирасида «Китоблар карвони» номли кўчма кутубхона хизмати ҳам йўлга қўйилиб, таҳририят балансидаги 1000 дан ортиқ китоблар Қиличбой, Чойкўл, Оқ олтин, Тўлқин ва Куюк-кўпир каби олис овуллардаги китобхонларга мутолаа учун етказиб берилади.
Бундан ташқари, лойиҳа давомида «Мен ўқиган асар» иншолар танлови, «Китобхон оила» кўрик-танлови ва ёзувчилар билан қизиқарли учрашувлар ташкил этилиши белгиланган. Барча жараёнлар газета саҳифаларида, «Амударё телевидениеси» дастурларида ҳамда сайтларда кенг ёритиб борилади.
Мазкур лойиҳа чекка овуллардаги минглаб ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга, уларни «оммавий маданият» ва турли зарарли ғоялар таъсиридан асрашга ҳисса қўшади. Олис ҳудудларда китобхонлик муҳитини яратиш орқали нафақат ўқувчиларнинг саводхонлиги ва таълим кўрсаткичлари ошади, балки оилаларда биргаликда мутолаа қилишдек гўзал анъана қайта тикланади. Энг муҳими, мактаблар негизида шакллантирилган ушбу клублар лойиҳа якунлангандан сўнг ҳам ўз фаолиятини барқарор давом эттириб, ёшлар учун ҳақиқий маънавият масканига айланади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶