Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллик байрами кўтаринки руҳда, халқимизга хос меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва шукроналик туйғулари билан кенг нишонланди.
Ваҳум аҳоли пунктидаги болалар ўйингоҳида ташкил этилган байрам тантанасига туман аҳолиси — ёш-у қари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, фаол ёшлар ва турли соҳа вакиллари жам бўлди. Бу кун оддий байрам эмас, балки халқимизнинг озод ва фаровон ҳаётини, юртимизнинг истиқлол йилларида босиб ўтган шонли ва машаққатли йўлини яна бир бор ёдга солувчи, қалбларда Ватанга муҳаббат ва келажакка ишонч туйғуларини янада мустаҳкамловчи унутилмас айёмга айланди.
Байрам тантаналаридан аввал халқимиз учун кенг дастурхон ёзилиб, дошқозонларда байрамона ош дамланди. Бир дастурхон атрофида жам бўлган юртдошларимиз ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиб, бугунги дориломон кунларга шукроналар айтдилар. Зеро, тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган юртда дастурхонлар файзли, кўнгиллар хотиржам, келажак эса янада порлоқ бўлади.
Байрам концерт дастури Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари садоси остида бошланди.
Тантанали тадбирни туман ҳокими Собир Хўжаметов очиб, йиғилганларни, бутун Амударё аҳлини улуғ айём — Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Туман ҳокими ўз табригида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқ фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларни обод этиш, янги иш ўринлари яратиш, таълим, спорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўлга киритилаётган натижалар ҳақида сўз юритди.
Туман раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Амударё туманида барча жабҳаларда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Энг муҳими, бу ўзгаришлар рақамлар ва ҳисоботларда эмас, балки одамларнинг кундалик ҳаётида, турмуш шароитида, янги бунёд этилаётган масканлар ва яратилаётган имкониятларда ўз ифодасини топмоқда.
Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳам ўзининг амалий самарасини бермоқда. Туманимизда 2026 йил 1 январь ҳолатига камбағаллик даражаси 6,4 фоизни ташкил қилган бўлса, кўрилган самарали чоралар натижасида жорий йилнинг 1 август ҳолатига ушбу кўрсаткич 2,9 фоизгача камайди. Бу рақамлар ортида минглаб оилаларнинг ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, янги даромад манбалари ва эртанги кунга бўлган ишонч мужассам.
Туман иқтисодиётида янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган саккиз ой давомида 12 та лойиҳа амалга оширилиб, уларга жами 52,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 98 та янги иш ўрни яратилди.
Экспорт борасида ҳам қувонарли натижалар қайд этилмоқда. Туман тадбиркорлари томонидан 21,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинишига эришилди. Шундан 14,3 миллион доллари саноат маҳсулотлари, 7,5 миллион доллари эса мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.
Бугун Амударё туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг кўлами ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Биргина 2026 йил давомида туман бўйича амалга оширилаётган қурилиш ишларининг умумий қиймати қарийб 800 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этмоқда.
Юртбошимизнинг тегишли қарорлари асосида жорий йилда туман бўйича 147 та объектда қурилиш ишларини олиб бориш белгиланган. Ҳозирги вақтга қадар 28 та объектда қурилиш ишлари якунланди.
Йўл инфратузилмасини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар туман бўйича 43 километр автомобиль йўллари ва 74 километр ички йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Йил якунига қадар эса туман ҳудудидаги яна 130 километр ички йўлларни таъмирлаш кўзда тутилган. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси бир мақсадга — одамлар учун қулай ва муносиб яшаш шароитларини яратишга қаратилган.
Аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Бугунги кунга қадар иккита 65 хонадонли кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Йил якунига қадар бундай кўп қаватли уйларнинг жами 9 тасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида умумий ҳисобда 385 та оилани замонавий уй-жой билан таъминлаш имконияти яратилади.
Амударё тумани азалдан бобо деҳқонлар юрти сифатида ном қозонган. Унумдор ер, заҳматкаш халқ ва моҳир деҳқонлар меҳнати туфайли қишлоқ хўжалигида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда.
Жорий қишлоқ хўжалиги йилида туман бўйича 333 та фермер хўжалигида жами 13 минг гектар ерга чигит экилиб, ундан 64 минг 175 тоннадан ортиқ пахта етиштириш режалаштирилган.
Шунингдек, 1096 гектар майдонда ташкил этилган мевали боғлар ҳам мўл-кўлчилик манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Дон етиштириш борасида ҳам амударёлик деҳқонларнинг меҳнати таҳсинга лойиқ. 327 та фермер хўжалигида 4800 гектар ерга экилган буғдойдан 48 минг тоннадан ортиқ ҳосил йиғиб олинди.
Ерга меҳр берган деҳқоннинг қўли қадоқ, меҳнати оғир, аммо унинг ҳосили эл дастурхонига файз олиб киради. Шу маънода, Амударё деҳқонларининг заҳматли меҳнати туман тараққиётининг муҳим таянчларидан биридир.
Тантанали тадбир давомида ана шундай ютуқларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаолларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Турли соҳаларда юқори натижаларга эришаётган, эл-юрт равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ва байрам арафасида ўтказилган турли спорт мусобақаларида ғолиб бўлган юртдошларимиз туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Байрам концерт дастури туман Маданият бўлими хонандалари, истеъдодли ижодкорлар ва умидли санъаткорларнинг ажойиб чиқишлари, куй-қўшиқ ва рақслари билан давом этди. Миллий куйлар, дилбар қўшиқлар ва нафис рақслар байрамга ўзгача файз бағишлаб, йиғилганлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Тадбирга республика миқёсидаги таниқли санъаткорларнинг ташрифи эса байрам шукуҳини янада оширди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Махсет Ўтемуратов, истеъдодли хонандалар Темур Худойшукуров, Жавлонбек Каримов, кўплаб халқаро танловлар ғолиби Аида, Амударё фарзанди, продюсер, режиссёр ва истеъдодли ижодкор Давлатбек Йўлдашев каби санъаткорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этиб, томошабинларга кўтаринки кайфият улашдилар.
Байрам оқшомининг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири эса тадбир сўнгида осмон узра порлаган мушакбозлик бўлди. Ранг-баранг чироқлар билан безанган осмон, байрам шукуҳи ва юзлардаги қувонч — буларнинг барчаси Мустақиллик байрамининг ўзига хос рамзий манзарасига айланди.
Дарҳақиқат, мустақиллик — бу шунчаки сана эмас. У халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, фарзандлари келажагини ўз қўлига олиши, тинч ва фаровон ҳаёт сари дадил қадам ташлаши демакдир.
Амударёда эса бу буюк неъматнинг қадри халқнинг бунёдкорлик ишларида, деҳқоннинг даласида, устознинг сабоғида, ёшларнинг ғалабаларида, обод маҳаллалар ва файзли хонадонларда намоён бўлмоқда.
Мустақиллик байрами ана шу эзгу ишларнинг тантанаси, халқимизнинг бугунги кунига шукронаси ва эртанги кунга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодасидир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶