16.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
16.08.2026, 06:28
Жамият 👁 198

НАВРЎЗ — ЯНГИЛАНИШ, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ШУКРОНАЛИК АЙЁМИ

НАВРЎЗ — ЯНГИЛАНИШ, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ШУКРОНАЛИК АЙЁМИ

Қаҳратон қишнинг изғиринли кунлари ортда қолиб, она замин узра баҳорнинг илиқ шабадалари эса бошлади. Дарахтлар куртак ёзиб, қир-адирлар ўзининг яшил либосини киймоқда. Асрлар қаъридан садо бераётган, томирлари улуғ ва шонли мозийга туташган қадимий ва навқирон байрамимиз – Наврўзи олам юртимизга кириб келмоқда. Бу шунчаки фасллар алмашинуви ёки тақвимдаги янги кун эмас, балки инсониятнинг табиат билан уйғунлигини, руҳий покланиш ва янги умидлар туғилишини англатувчи қадрли байрамдир. Ота-боболаримиз неча минг йиллардан буён бу айёмни эзгулик, меҳр-оқибат, саховат ва яратувчанлик тимсоли сифатида ардоқлаб келадилар.

Наврўз – борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни ифода этадиган, юртдошларимизни тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга чорлайдиган улуғ байрамдир.

Бу қутлуғ ва қадим байрамни бутун халқимиз катта хурсандчилик билан қарши олмоқда. Ушбу байрам муносабати билан ҳудудларда, овул ва маҳаллаларда, корхона-ташкилотлар ва таълим муассасаларида ҳам байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан Амударё туманида ҳам “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир” шиори остида катта байрам тадбири ташкил этилди.

Президентимизнинг юқоридаги қарорида таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида улкан қадамлар ташланмоқда. Буларнинг барчаси қадимий тарих ва анъаналарга эга бўлган шарқона янги йил байрами — Наврўзи оламнинг инсонпарварлик моҳияти, унинг бағрикенглик, саховат ва меҳр-оқибат каби азалий қадриятлари аҳамиятини янада юксалтирмоқда.

Байрам олдидан тумандаги овул ва маҳаллалар аҳли, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотлар вакиллари ҳамда фермер хўжаликлари жамоалари иштирокида кўргазмалар ташкил этилди. Халқ сайлида туман ҳокими Собир Хўжаметов бошчилигида расмийлар ҳам иштирок этиб, кўргазмалар билан танишдилар.

Наврўз сайлида тумандаги қўли гул ҳунармандлар томонидан ташкил этилган халқ ҳунармандчилиги кўргазмаси, моҳир ошпазларнинг миллий таомлар кўргазмалари, тадбиркор ва ишбилармонларнинг сара маҳсулотларидан иборат савдо расталари, туманнинг овул ва маҳаллаларининг ўзига хос урф-одат ва анъаналари акс этган шоҳсупалар тўридаги ноз-неъматларга тўла дастурхонлар кўзларни қувнатди. Таълим муассасалари иштирокидаги кўргазмаларда эса ўқувчи ва ўқитувчиларнинг эришган ютуқлари ҳамда қўлга киритган муваффақиятлари намойиш этилди.

Дастурхонлар баҳорий неъматлар – турли хил кўклам таомлари билан безатилди. Момоларимизнинг меҳрли қўллари билан тайёрланган сумалак, кўк сомса, баҳорий чучвара ва бошқа миллий таомлар байрам дастурхонининг кўркига кўрк қўшди. Бу таомлар нафақат танга қувват, балки руҳга сокинлик берувчи, оилаларни ва қўни-қўшниларни бир дастурхон атрофида жамловчи бебаҳо миллий неъматларимиздир.

Бугун Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу заминда неча асрлардан буён ўзбек ва қорақалпоқ, қозоқ ва туркман, тожик ва қирғиз, рус ва татар ҳамда бошқа миллатлар вакиллари бир тану бир жон бўлиб, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Уларнинг шодлиги ҳам, ташвиши ҳам муштарак. Наврўз сайлида ҳар бир миллат ўз миллий либоси ва куй-қўшиғи билан иштирок этгани ана шу буюк дўстликнинг ёрқин ва жонли намунаси бўлди.

Майдон узра карнай-сурнай садолари янграб, барчани байрамга чорлади. Одамларнинг юзидаги табассум, бир-бирига бўлган самимий муомаласи, ўзаро меҳр-оқибат байрамнинг асл руҳини намоён этади. Наврўз – бирдамлик, тинчлик, тотувлик, дўст-биродарликни ўзида ифода этувчи халқчил байрамдир.

Дўстлик маҳалласидаги ўйингоҳда байрамнинг асосий тантаналари бошланди. Туман ҳокими Собир Хўжаметов йиғилганларни Наврўзи олам билан табриклади. Байрам табригида мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлик фазилатлари Наврўз кунларида айниқса яққол намоён бўлиши алоҳида эътироф этилди.

Бу йилги Наврўз муборак Рамазон ҳайити байрами билан ҳамоҳанг тарзда нишонланаётгани, байрамлар арафасида кекса авлод вакилларини ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда, кўча ва майдонлар, маҳалла ва қишлоқларда ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилаётгани қайд қилиниб, Наврўзнинг чинакам уйғониш, яшариш ва яшнаш айёми экани эътироф этилди.

Шундан кейин Наврўз арафасида ўтказилган турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган спортчиларга, туманнинг шарафини ҳимоя қилаётган билимдон ва ташаббускор ёшларга, хусусан жорий йилги Зулфия номидаги давлат мукофотининг амударёлик соҳибаси ва бошқа бир қатор фаолларга байрам совғалари топширилди.

Мукофотларни қабул қилиб олаётган ёшларнинг кўзларидаги қувонч, юзларидаги фахр-ифтихор туйғулари барчага кўтаринки кайфият улашди. Уларнинг ҳар бир ютуғи ортида давлатимизнинг келажак авлодга қаратаётган улкан эътибори ва ғамхўрлиги мужассам. Саҳнада туриб ҳаяжон билан ташаккур сўзларини айтаётган йигит-қизлар эртанги нурафшон кунларимизнинг чинакам бунёдкорлари, юртимизнинг ишончли қанотларидир.

Шундан сўнг туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган театрлаштирилган байрам тадбири йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.

Концерт дастурида жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувлик, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятлари кенг намойиш қилинди.

Саҳнада чиройли безатилган баҳор манзаралари, очилиб турган шафтоли ва ўрик гулларининг макети байрамга янада фусункорлик бағишлади. Санъаткорларнинг камалак рангларидек товланувчи миллий либослари, доира зарблари ва найнинг умидбахш садолари атрофдагиларни беихтиёр рақсга чорлади. Ҳар бир қўшиқ ва рақс томошабинларнинг гулдурос қарсаклари, шодон ҳайқириқлари билан қарши олинди. Табиат ва инсон уйғунлиги тараннум этилган бу чиқишлар қалбларда шукроналик ҳиссини уйғотди.

Байрам дастуридан мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудига хос бўлган халқ ўйинлари, аския ва ҳазиллар, томошалар жой олди. Қорақалпоғистон ва амударёлик санъаткорлар томонидан она Ватан, баҳор ва Наврўз, янгиланиш ва яшариш туйғуларини мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.

Эл-юрт ободлиги ва фаровонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган, қишлоқ ва маҳаллалар ҳудудларини боғ-роғларга айлантираётган фермерлар, соҳибкор-у боғбонлар Наврўздан кейин экин-тикин ишларига киришадилар. Саҳнада бободеҳқонларнинг ерга уруғ қадаш жараёни ўзига хос театрлаштирилган томошалар орқали маҳорат билан кўрсатиб берилди. Нуронийлар “Илоҳим, бу йилги ҳосилимиз мўл бўлсин, хирмонимизга барака берсин!” дея эзгу тилаклар билдириб, дуолар қилдилар. Наврўз нафақат байрам, балки заҳматкаш деҳқонларимиз учун янги меҳнат мавсумининг бошланиши, умид ва қут-барака дебочасидир.

Байрам тадбирлари доирасида миллий ўйинлар ва спорт мусобақалари ҳам ўтказилди. Миллий кураш, арқон тортишиш каби беллашувлар ғолиблари аниқланиб, рағбатлантирилди. Ушбу беллашувларни кузатар эканмиз, Наврўзнинг неча асрлик қадриятлар билан уйғунлиги яққол кўзга ташланади. Миллий кураш халқимизнинг қонида оқаётган мардлик, ҳалоллик, чапдастлик каби хислатларни ўзида мужассам этган бўлса, арқон тортишиш мусобақаларидаги жамоавий бирдамлик ва ҳалол рақобат ёшларимизнинг куч-қудратини, ботирлигини ва ҳар қандай қийинчиликни биргаликда енгиб ўтишга тайёрлигини англатади. Наврўз шунчаки томоша эмас, балки авлодларни бир-бирига боғловчи маънавий кўприкдир.

Глобаллашув даврида, дунё шиддат билан ўзгараётган бир вақтда, Наврўздек қадимий ва соф байрамларимиз асл инсоний фазилатларимизни сақлаб қолишда беқиёс аҳамият касб этади. У бизни табиатни асрашга, ён-атрофимиздагиларга меҳрибон бўлишга ва ўтмиш аждодларимизнинг муқаддас анъаналарини давом эттиришга ундайди.

Осмони мусаффо, тинч юртгагина мана шундай тўй-томошалар ва сайиллар ярашади. Шундай экан, бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиб, шукроналик билан яшаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Амударё туманида кўтаринки руҳда бўлиб ўтган бу галги Наврўз тантаналари ҳам қалбларда ана шундай шукроналик ва миннатдорлик туйғуларини уйғотди. Бу байрам ўзининг “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир” деган бош ғояси орқали ҳар бир фуқаронинг жамиятдаги ўрни, унинг қадр-қиммати нақадар баланд эканлигини яна бир бор намоён этди.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган том маънодаги тарихий ўзгаришларга мос ҳолда, маъно-мазмуни тобора чуқурлашиб бораётган Наврўз айёми бутун юртимиз бўйлаб овул ва маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларда умумхалқ сайли сифатида, кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўзи олам билан чин қалбимиздан табриклаймиз! Баҳорнинг гўзал кунлари ҳар бир хонадонга қут-барака, соғлик-саломатлик ва чексиз қувонч олиб келсин. Ҳар кунингиз Наврўздек файзли ва тароватли бўлсин, азиз юртдошлар!

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда 13.08.2026 Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда 10.08.2026 Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 10.08.2026 Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар 06.08.2026 Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда 06.08.2026 Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди 05.08.2026 Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди 05.08.2026 Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда 05.08.2026 “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди 04.08.2026 Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди 04.08.2026 Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида 01.08.2026 Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди 01.08.2026 Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди 30.07.2026 Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда 30.07.2026 Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди 30.07.2026 Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди 29.07.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот 29.07.2026 Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019