Амударё туманида пахта йиғим-теримига тайёргарлик якуний босқичга кирди
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида энг муҳим ва масъулиятли палла – кузги йиғим-терим мавсуми яқинлашмоқда. Амударё туманида ҳам жорий йилги пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан, уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш мақсадида қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жараёнларнинг ҳар бир босқичи Агроинспекциянинг туман бўлими томонидан қатъий назоратга олинган бўлиб, асосий эътибор техникаларнинг шайлиги ва пахта қабул қилиш масканларининг тайёргарлигига қаратилмоқда.
Хусусан, тумандаги 337 та фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ихтиёрида бўлган жами 748 та трактор тиркамаси тумандаги 5 та пахта қабул қилиш масканига йиғилди. Ушбу техникалар ёрдамида терилган пахта хомашёсини масканларга беталофат етказиш мақсадида тиркамалар устига ёпиладиган брезентларнинг сифати ва уларнинг ёнғинга қарши ускуналар билан жиҳозланганлик даражаси тўлиқ ўрганиб чиқилди ва аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Соҳани механизациялаш даражасини ошириш мақсадида 2024-2025 йилларда жами 12 та замонавий пахта териш машинаси келтирилган бўлиб, жорий йилда ҳам қўшимча 12 та шундай техникалар олиб келинди. Бугунги кунда барча пахта териш машиналари мавсумга тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Бундан ташқари, келгуси 2027 йил ҳосили учун ғалла экишга мўлжалланган 14 та замонавий дон экиш сеялкасига ҳам зарур сервис хизматлари кўрсатилиб, тахт қилиб қўйилди.
Ҳосилни етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш нақадар муҳим бўлса, уни йиғиб олишга тайёргарлик кўриш ҳам шунчалик долзарбдир. Шу мақсадда, “Этефон” препарати сепилган майдонларда мониторинг ишлари олиб борилиб, ғўзанинг ривожланиши ва кўсакларнинг очилиш жараёни ўрганилмоқда. Масалан, Зарбдор массиви ҳудудидаги “Murodboy Gulora” фермер хўжалигининг ғўза майдонларида ушбу препаратнинг белгиланган меъёр ва муддатларда қўлланилиши назорат қилинди. Хўжалик масъулларига тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилиб, барча агротехник тадбирларнинг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Жорий йилда туман бўйича 4 та субъект – 1 та кластер, 2 та кооперация ва 1 та уруғлик етиштирувчи хўжаликка қарашли қабул масканларига 64 минг 175 тонна пахта хом ашёси қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Ушбу субъектларга сифат кўрсаткичларини аниқлаш, ўлчаш, жойлаштириш ва сақлаш жараёнларини тўғри ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар юклатилган.
Масканларда қабул майдонлари, сақлаш жойлари, тарозилар, лаборатория ва технологик ускуналар, электр таъминоти ҳамда ёнғин хавфсизлиги воситаларининг ҳолати чуқур ўрганилмоқда. Жумладан, “Amudaryo Kelajagi” ишлаб чиқариш кооперацияси 2026 йилги мавсумда 1275 тонна пахта қабул қилишни режа қилган бўлиб, ҳозирда маскан ҳудудини ободонлаштириш, техника ва жиҳозларни ишчи ҳолатга келтириш ишлари қизғин давом этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, пахта қабул қилиш масканларини мавсум бошланишига қадар тўлиқ тайёр ҳолатга келтириш ҳамда белгиланган талабларга қатъий риоя этилишини таъминлаш Инспекциянинг доимий назоратидадир. Ўз вақтида кўрилаётган бундай тизимли чора-тадбирлар етиштирилган ҳосилни сифатли ва нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш ҳамда юқори ҳосилдорликни таъминлаш учун мустаҳкам замин яратади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶