Бешинчи Устозлар миллий форумининг пленар йиғилиши бўлиб ўтди
Амударё туманида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида бешинчи Устозлар миллий форумининг пленар йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йирик таълим анжуманида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, мактаб директорлари, илғор педагоглар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.
Бу галги миллий форум янги ўқув йили олдидан соҳа ходимлари учун ўзаро тажриба алмашиш, эришилган ютуқларни сарҳисоб қилиш ва истиқболдаги стратегик режаларни белгилаб олиш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтади.
Тадбирда эътироф этилганидек, жорий йил давомида туман халқ таълими тизимида моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган бўлса-да, бу йўлдаги энг асосий ютуқ ва ҳаракатлантирувчи куч – ўз касбининг чинакам устаси бўлган фидойи педагоглардир.
Анжуманда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, дарсларда қуруқ ёдлатиш усулидан буткул воз кечиб, ўқувчиларда танқидий фикрлаш ва амалий кўникмаларни шакллантириш бош мақсад сифатида белгиланди. Шунингдек, ёшларни юксак маънавиятли ва ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаш, мактаб ҳаётида рақамли таълим ҳамда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Кадрлар салоҳиятига тўхталадиган бўлсак, 2026 йил 1 август ҳолатига кўра, тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида жами 4089 нафар педагог фаолият юритмоқда ва уларнинг 2972 нафарини, яъни 73 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Қувонарлиси, мактаб ўқитувчиларининг 4014 нафари, яъни 98,2 фоизи олий маълумотли, 28 нафари тугалланмаган олий ва 57 нафари ўрта махсус маълумотга эга мутахассислардир. Малака тоифалари кесимида эса 446 нафар педагог олий, 912 нафари 1-тоифа, 1172 нафари 2-тоифа ҳамда 1484 нафари мутахассис тоифасига эга бўлиб, тоифасизлар сони бор-йўғи 75 нафарни ташкил этади. Шу билан бирга, давлат мактабгача таълим ташкилотларида меҳнат қилаётган 935 нафар тарбиячининг 846 нафари аёллардир. Боғча педагогларининг 419 нафари олий маълумотли, 126 нафари тугалланмаган олий, 390 нафари эса ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, улардан 9 нафари олий, 22 нафари 1-тоифа, 68 нафари 2-тоифа ва 836 нафари мутахассис даражасидаги кадрлардир.
Куннинг иккинчи ярмида туман Маданият бўлими биносида бешинчи Устозлар миллий форумининг пленар йиғилиши иштирокчилари билан умумий йиғилиш ўтказилди. Унда сўзга чиққан масъуллар туман бўйича янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш доирасида улкан қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилганини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Жумладан, 2025 йилги инвестиция дастурига асосан Чойкўл овулидаги 59-мактабда лойиҳа қиймати 4 миллиард 687 миллион сўм бўлган 180 ўринли бино ҳамда спорт зали барпо этилган бўлса, Бўзёп овулидаги 68-мактабда 5 миллиард 950 миллион сўм эвазига 330 ўринли ўқув мажмуаси ва спорт зали қуриб битказилди. Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилотининг махсус дастури доирасида эса жами 24 миллиард 902 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, Олмазор маҳалласида 120 ўринли, Фаровон маҳалласи ҳудудида 90 ўринли, Арна бўйи маҳалласида 150 ўринли ва Дўстлик маҳалласида 240 ўринли 4 та янги мактабгача таълим ташкилоти биноси қад ростлади.
Инвестиция дастури ва халқаро банк маблағлари ҳисобидан 30-, 39-, 65-мактабларда жами 1410 ўринли бинолар реконструкция қилиниб, 37-сонли мактаб биносида капитал реконструкция, 32-сонли мактабгача таълим ташкилотида эса 90 ўринли бинони таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Бештом маҳалласи ва Оқ олтин овулида 150 ўринли 2 та янги боғча биноси, 57-сонли мактабда қўшимча 120 ўринли бино ва спорт зали, 64-сонли мактабда 330 ўринли қўшимча бино ва спорт зали, 17-сонли боғчада эса 90 ўринли янги бино қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда.
Педагогларни моддий рағбатлантириш тизими ҳам ўзининг юксак самарасини кўрсатмоқда. 2026 йилги баҳорги аттестация натижаларига кўра, 73 нафар ўқитувчи 86 ва ундан юқори балл тўплашга муваффақ бўлиб, 2 йил давомида маошига 70 фоизлик устама олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Энг муҳими, Вазир жамғармаси ҳисобидан 2026-2027 ўқув йилида энг юқори балл тўплаган 20 нафар малакали педагог ҳар ойлик 7 миллион 480 минг сўмлик устамага сазовор бўлди. Бундан ташқари, бугунги кунда тумандаги 341 нафар инглиз тили ўқитувчисининг 215 нафари, яъни 63 фоизи халқаро ёки миллий сертификатларга эга. Тадбир давомида ана шундай фидойи ва интилувчан ўқитувчилар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Ўқувчиларнинг эришган натижалари ҳам таҳсинга сазовор бўлиб, 2025-2026 ўқув йилида фан олимпиадасининг республика босқичида туман ёшлари 7 та совринли ўрин билан умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллашди. Бироқ, олимпиаданинг Ўзбекистон босқичида совринли ўринларнинг йўқлиги олдиндаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Олий таълимга қамров масаласида 3298 нафар битирувчи ўқувчидан 2789 нафари ҳужжат топшириб, 854 нафари, яъни 25,9 фоизи талаба бўлди. Шундан 223 нафари грант, 631 нафари контракт асосида ўқишга кирган бўлса, кириш имтиҳонларидаги ўртача балл 87,6 ни ташкил қилди.
Жорий ўқув йилида 4400 нафардан ортиқ бола 1-синфга чиқиши кутилмоқда ва 12 номдаги Президент совғалари мактабларга тўлиқ етказиб берилди. Таълим жараёнида 22 та мактаб, яъни умумий миқдорнинг 25 фоизи янги баҳолаш тизимига ўтган бўлса, янги ўқув йилидан яна бир қатор мактаблар ушбу замонавий тизимга жалб этилади.
Тумандаги таълим муассасалари жамоалари ва тажрибали педагоглар турли кўрик-танловлар ҳамда лойиҳаларда ҳам пешқадамлик қилмоқда. “Аъло мактаб” лойиҳасида 40-, 22-, 56-, 6- ва 71-сонли мактаблар етакчилик қилиб, туман 118,6 балл билан Қорақалпоғистонда 6-ўринни банд этиб турибди. “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида туман минтақада 3-ўрин эгаллаган.
Бешинчи Устозлар миллий форумининг пленар йиғилиши келгуси ўқув йили учун улкан марраларни ва аниқ стратегияни белгилаб берди. Янги ўқув йилида ҳар бир устоздан масъулият, янгича ёндашув ва юқори шижоат талаб этилади. Зеро, устозларнинг машаққатли меҳнати ва фидойилиги орқалигина юртимиз довруғини дунёга танитадиган комил инсонлар етишиб чиқиши шубҳасиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶