Баракали ташриф
Президентимиз Ш.Мирзиёев қайси ҳудудга ташриф буюрсалар, халқимиз у ердан бирор бунёдкорлик ва янгиланишларни кутади. Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига бу сафарги ташрифлари ҳам жуда эсда қоларли ва баракали бўлди.
Мўйноқдан Тўрткўлгача, Амударёдан Тахтакўпиргача — пойтахтдан тортиб энг чекка овулгача ёшу-қари, барча халқимиз Президентимизнинг юртимиздаги ташрифларини ҳурмат ва мамнуният билан кузатиб борди.
Президентимиз саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, спорт, туризм, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича лойиҳалар билан танишдилар ва 47 лойиҳанинг қурилиши учун старт берилди.
Ўтган йилда Қорақалпоғистон Республикасига 1 миллиард 700 миллион долларлик инвестиция киритилган, жорий йилнинг ярми ҳисобларига кўра, иқтисодиёт 10,2 фоизга ошган, республикамиз иқтисодиётнинг ўсиш суръати бўйича Тошкент шаҳридан кейинги ўринни эгаллаган.
Беруний ва Қораўзакдаги шамол электр станцияларининг ишга туширилиши халқимизнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қоплайди. Қўнғиротда қуриладиган электростанция эса Қорақалпоғистонни яшил энергия манбаларини ишлаб чиқарувчи кучли ҳудудга айлантиради, ўлкамизга хорижий инвестиция оқими кучаяди.
Президентимиз Нукус шаҳридаги 1-сонли техникумдаги «Pearson BTEC» дастури асосида битирувчиларга 70 давлат тан оладиган сертификат берилиши, 37 турдаги асбоб-ускуналар ишлаб чиқарилаётгани, 4 минг ишсиз даромад топаётгани билан танишдилар ва бу тажрибани Амударё, Беруний, Чимбой ва Қўнғирот туманларидаги биттадан техникумда жорий қилишни топширдилар.
Асбоб-ускуна учун бериладиган ссуда миқдорини 20 миллиондан 50 миллионгача ошириш жорий йилнинг 1 октябридан амалга ошириладиган бўлди.
Мактабгача таълим ташкилотларига қамров ошгани ҳолда, бир қанча туманларда қамров пастлиги қайд қилинди. Хусусий мактабгача таълим ташкилоти очиш учун 15 йил муддатга, 5 йил имтиёзли давр билан 7 фоизли кредит берилиши кўпчилик тадбиркорларни қизиқтириб қўйди.
Биз, муаллимлар эса шу давргача қорақалпоғистонлик мактаб битирувчиларига олий таълимга кириш учун берилган 37 минг квота учун уларнинг ота-оналари қаторида давлатимиздан, ҳурматли Президентимиздан жуда-жуда миннатдормиз. Негаки, бу улкан имконият орқали 37 минг қоракўзнинг ҳаётида туб бурилиш бўлгани аниқ.
Умуман, барча имкониятлар ва лойиҳалар халқимизнинг фаровон ва осойишта турмуш кечиришига, республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилганлиги аҳамиятлидир.
Ташриф давомида Президентимиз билан мулоқотда бўлган юртдошларимизнинг юз-кўзларида шукроналик, мамнуният ҳислари яққол сезилиб турди. Уларнинг сўзларидан Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифлари самарали ва баракали бўлганини ҳар бир юртдошимиз англаб етганини билишимиз мумкин.
Яратилаётган имкониятлардан тўлиқ ва мақсадли фойдаланишни назорат қилиб бориш эса биз, депутатларга ҳам боғлиқдир.
Санобар ХЎЖАМУРОДОВА,
40-сонли мактаб директори,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶