Ойбек номли маҳаллада “Мустақиллик тўйи” фестивали ўтказилди
Жорий йилда жонажон Ўзбекистонимиз ҳаётида улкан ва тарихий воқеа, яъни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг миқёсда, кўтаринки руҳ билан нишонланмоқда. Бу қутлуғ сана муносабати билан бутун юртимиз бўйлаб кенг миқёсли шодиёна тадбирлари узлуксиз давом этмоқда. Энг чекка ва олис овуллардан тортиб, то туман ва шаҳар марказларига қадар, ҳар бир гўшада, ҳар бир хонадонда ушбу айём кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Эрк ва озодлик, тинчлик ва осойишталик неъматини қадрлаган халқнинг энг улуғ, энг азиз байрами ҳар бир юртдошимиз қалбида ғурур, ифтихор ва шукроналик туйғуларини жўш урдирмоқда.
Истиқлол йилларида босиб ўтилган машаққатли ва шарафли йўл, барча соҳаларда эришилган улкан ютуқлар байрам шодиёналарида, одамларнинг эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончида ўз ифодасини топмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган бундай тадбирлар халқимизни янада жипслаштириб, уларни янгидан-янги марралар сари руҳлантирмоқда.
Ана шундай байрам тадбирларининг навбатдаги манзили Амударё туманининг Ойбек номли маҳалласи бўлди. Маҳаллада “Бир Ватан, бир халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак қурамиз!” деган эзгу шиор остида катта шодиёна ташкил этилди. “Мустақиллик тўйи” деб номланган мазкур фестивалга маҳаллада яшовчи нуронийлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар, хотин-қизлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, туманнинг барча овул ва маҳаллаларидан вакиллар таклиф этилди. Миллий анъаналаримизга мос равишда меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида марказий майдондаги катта дошқозонларда ош дамланди. Маҳалла аҳли ва олис-яқиндан келган меҳмонлар бир дастурхон атрофида жам бўлиб, ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамладилар.
Тадбир аввалида маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган ҳунармандлар ва интилувчан тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кўргазмаси ҳамда ярмаркаси намойиш этилди.
Ярмаркада миллий ҳунармандчилик намуналари, бежирим буюмлар, кундалик эҳтиёж моллари ва турли хил маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулотлари тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди. Бу ҳолат, ўз навбатида, ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик қай даражада жадал ривожланиб бораётганининг амалий ифодаси бўлди. Шунингдек, фестивал доирасида келажак эгалари бўлмиш ёш авлод маънавиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида махсус китоб ярмаркалари ҳам юқори савияда ташкил қилинди. Ушбу маърифий кўргазмада турли бадиий, илмий ва тарихий адабиётлар намойиш этилиб, байрам қатнашчиларининг маънавий оламини янада бойитишга улкан хизмат қилди.
Байрам тадбирида туман раҳбарияти ва фаол жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этишди. Хусусан, туман ҳокимининг ўринбосари Жасур Яхшимов, ҳоким маслаҳатчиси Мадамин Казаков ҳамда “Нуроний” жамғармасининг туман бўлими раиси Бекман Аллабергановлар тадбир меҳмонлари билан дилдан суҳбат қурдилар ва уларни энг улуғ, энг азиз айём билан самимий қутладилар. Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметовнинг “Мустақиллик тўйи” фестивали иштирокчиларига йўллаган байрам табриги йиғилганларга ўқиб эшиттирилди. Мазкур табрикда истиқлолнинг беқиёс қадри, тинчликнинг бебаҳо аҳамияти ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига кенг турда тўхталиб ўтилган.
Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик бизга тақдим этган улкан имкониятлар, эркин ва озод ҳаётнинг нақадар буюк ва тенгсиз неъмат эканлигини эътироф этдилар.
Шундан сўнг жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, маҳалла ободлиги, ҳудуд осойишталиги ва аҳоли фаровонлиги йўлида барчага ўрнак бўлаётган бир гуруҳ фидойи инсонларнинг ҳалол меҳнати муносиб баҳоланди. Ойбек номли маҳалланинг энг фаол ва ташаббускор фуқароларига туман ҳокимлиги томонидан махсус эсдалик совғалари ҳамда статуэткалар тантанали равишда топширилди. Бундай юксак эътибор ва эътироф, шубҳасиз, юртдошларимизни янада кўпроқ ва самаралироқ меҳнат қилишга, Ватан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга ундайди.
Байрам шодиёнаси элимиз суйган хушвоз санъаткорларнинг чиқишлари, жозибали куй ва қўшиқлар билан янада қизғин, файзли тус олди. Саҳнада Ватанни мадҳ этувчи, мустақиллик, тинчлик ва миллатлараро дўстликни тараннум қилувчи тароналар янгради. Ойбек номли маҳалла аҳлининг чинакам ҳамжиҳатлиги ва оғизбирчилигини ёрқин намойиш этган ушбу тадбирдан барча иштирокчилар бир олам завқ ва чексиз қувонч олишди.
Алоҳида эътироф этиш жоизки, мазкур байрам маҳалланинг кўча бийлари, фаоллари, “Маҳалла еттилиги” аъзолари, кўпни кўрган нуронийлар, шижоатли ёшлар ҳамда ҳудуддаги барча муассаса ва ташкилотларнинг бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад йўлида ўзаро аҳилликда меҳнат қилаётганининг амалий белгисидир. Маҳаллаларда бундай мустаҳкам ҳамжиҳатлик ва бирдамлик бор экан, юртимиз келажаги бундан-да нурафшон, халқимиз ҳаёти эса янада фаровон бўлиши шубҳасиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶