16.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
16.08.2026, 10:36
Адабиёт 👁 3,452

Шавкатли шоҳ, хассос шоир

Шавкатли шоҳ, хассос шоир

Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бу сиймо номини тилга олар эканмиз, кўз олдимизда шавкатли шоҳ ва хассос шоир сиймоси гавдаланади.  Бобурнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш орқали унинг шахсий фазилатлари ҳақида янада кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш ҳамда ана шу тасаввур орқали фақат юртимизда эмас, балки бутун дунёда кам учрайдиган шахснинг инсонийлик хусусиятларини авлодларга етказиб, уларга Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдириш ҳар бир зиёлининг бурчидир.

Бобур болалик давридан ўша вақтдаги тож-тахт курашлари гирдобида қолади. Неча марталаб ажал чангалига  тушишга оз қолиб, тақдир мўъжизалари сабабли омон қолади. Ўзининг ота ва она тарафдан қариндош бўлган тахт талаб амаки ва тоғалари қувғинига учрайди.

Ўзининг киндик қони тўкилган Андижонга ҳам укаси Жаҳонгир Мирзо киритмай, унинг саргардон юришига сабаб бўлади.

Ёш бўлишига қарамай ўзининг мустаҳкам иродаси, ақл-заковати билан қийин вазиятлардан чиқа олишга, шу билан бирга ижод қилишга, улуғ инсоний тажриба ва беқиёс фазилатлар билан йўғрилган китоби - "Бобурнома”ни  ёзишга имкон топади. Шунинг учун ҳам у авлодлар назарида бу нодир дурдонани яратган буюк истеъдод соҳиби сифатида гавдаланади.

Бобур, замондошларининг гувоҳлик беришича, ўз даврининг пешқадам мутафаккири сифатида хурофотдан, тараққиёт йўлига ғов ташлайдиган турли бидъатлардан йироқ бўлган. Шу билан бирга у қалбида ҳамиша илоҳий нур сочиб турган бир зот бўлган. Ана шу қудратга ишонч, уни тан олиш, унинг ҳукми ва адолатига бўйсуниш, унинг қасосидан ҳайиқиш - буларнинг барчаси буюк жаҳонгирнинг ҳар бир қадамини қаттиқ тафтиш остига олиб кузатиб борган, уни ўринсиз хунрезликлар, шариат аҳкомлари ва даврнинг аҳлоқий қоидаларини бузишдан сақлаб келган. Шу маънода "Бобурнома” да акс этган адолат тушунчаси, адолат туйғуси ғоят эътиборлидир. Бу туйғу эса юқорида айтиб ўтганимиз ўша илоҳий қудрат билан боғлиқ бўлиб, ундан маънавий озиқ олади.

Маълумки, Бобур ўз қўшини ўртасида жуда қаттиқ тартиб-интизом ўрнатган. Халққа ноҳақ зулм қиладиган, талончилик билан шуғулланадиган навкарларга, аскарбошиларга унинг нафрати ниҳоятда чексиз бўлган. Бобурнинг нуқтаи назарича, бундай манфур кимсалар муқаррар равишда лаънатга сазовор бўлиб, қасосга учраши шубҳасиздир.

"Бу юрттин кўчиб, Қаробоғ ёнидаги Оқсарой ўлангига тушулди, - деб саргузаштларидан бирини ҳикоя қилади Бобур. - Хисравшоҳнинг эли - куни зулм ва бесарлиққа ўрганган эл, элга зулм қила бошладилар. Охири Сайидим Али Дарбоннинг бир ўбдон навкари бировнинг бир кўза ёғини тортиб олғон учун эшикка келтуруб таёқлаттим, таёқ остида - ўқ жони чиқди. Эл бу сиёсатдан тамом босилдилар”.

Ёки бошқа бир ўринда - Ём навоҳисида бўлган чоғда рўй берган воқеани сўйлаб, бу кентда аҳолидан зўрлик билан талаб олинган мол-мулкни тонгга қадар эга-эгасига қайтариб беришни аскарларига қатъий суратда амр қилади. "Эртасига, - деб хотирлайди у, - черик қўлида игна синиғию ип учигача қолмади - барини элга қайтариб берилди”. Донишманд салтанат соҳиби Бобур ҳижрий 932 йили махсус фармон чиқарди. Бу фармонга биноан кишилардан, шаҳар ва қишлоқлар, кўча ва гузарлардан олинадиган солиқ - тамға пули бекор қилинади. Назмий йўсинда битилган, иқтисодий муаммолар таҳлилига бағишланган рисоласи "Мубаййин” да эса у мулкдор гуруҳларнинг бева-бечора, қашшоқ-нотавонларга доимий равишда кўмак бериб туришларини амр қилган. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу билан Бобур мазкур буйруққа қонун тусини берган экан.

Бобур Ҳиндистонда ҳам адолатли ҳукм юргизишга эришди. Дин-мазҳаб жанжалларининг олдини олишга, мамлакатда осойишталикни ўрнатишга ҳаракат қилди. Адолатли қонунлар чиқарди, ғайридинлик солиғи (жузъя) ни бекор қилди, ўлган эр билан тирик хотинини бирга ёқишни тақиқлади. Мамлакатда ободончилик ишларини йўлга қўйди.

Бобур халқимизнинг ҳар томонлама етук, беқиёс истеъдодли фарзанди эди. У ғоятда нотинч, кўпинча саргардонликда, ҳеч кимдан кўмак ололмай юрган пайтларида ҳам тушкунликка тушмай, зўр салоҳияти туфайли ўз умрини сермазмун қила олди. Унинг ҳаёти фақат жанглар билан эмас, балки илҳомий онлар билан ҳам тўла эди. Бобур умр бўйи ажойиб шеърлар ёзди, девон тартиб қилди. "Мубаййин ал-закот” асаридан ташқари 1523 - 1525 йилларда аруз вазни ҳақида "Мухтасар” рисоласини ёзди. Унинг "Ҳарб иши” ва "Мусиқа илми” номли асарлари ҳозиргача топилмаган. У таржима билан ҳам шуғулланиб Хўжа Аҳрорнинг "Волидия” асарини шеърий йўл билан таржима қилган. "Бобурнома” асари эса фақат ўзбек адабиётининггина эмас, балки жаҳон адабиётининг ҳам нодир намуналаридан саналади. Умр бўйи кўрган-кечирганлари баён қилинган бу мемуар асар тарих, этнография, география, тилшунослик, адабиётшунослик ва бошқа фанлар учун ғоят муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Бобур ўзбек ва форс тилларида ижод қилган зуллисонайн шоирдир. У она тилида ёзилган шеърларини тўплаб 1519 йилда Кобулда, 1528 йилда Ҳиндистонда девонлар тузган. Кобул девони ҳозиргача топилган эмас. Сақланиб қолган шеърларининг 119 таси ғазал, 231 таси рубоийдан иборат, шунингдек, туюқ, фард, маснавий, қитъа, муаммо каби жанр намуналари ҳам бор. Девоннинг катта қисми ғазаллардан иборат бўлиб, уларнинг айримлари ҳасби ҳол хусусиятига эга ва шоир ҳаётининг муайян ҳолатига боғланади.

Бобурнинг ғазалларини ўқиб унинг ҳаётни ниҳоятда севишига, унинг ҳар дақиқасини қадрлашига гувоҳ бўласиз. Шунинг учун у ниҳоятда қийин аҳволларда қолганида ҳам тушкунликка берилмай яшашга интилди, изланишдан тўхтамади, ижодда давом этди. Бобур ижодида ҳаётга қайноқ меҳр ифодаланган жўшқин ғазаллар ҳам, афсус-надомат акс этган шеърлар ҳам бор. Бу қарама-қаршиликни эса шеърларнинг самимий туйғуларни ифодалаши бирлаштириб туради.

Бобурнинг инсонпарварлик фазилатларидан бири сифатида шуни кўрсатишимиз муҳимки, у ўзининг катта куч-қудратга эга бўлган салтанатининг воситаси билан буюк армони - Самарқанду Андижон орзусини амалга оширишга уринмади. Чунки киндик қони томган юртларни эслаган чоғи юраги тутдек тўкилиб кетадиган жаннатмонанд вилоятларда қон тўкишни, ота боболарининг муқаддас мозорларининг фил туёқлари остида топталишини истамади.

Салтанат соҳиблари ҳамма вақт ҳам хавф остида яшайдилар. Бобур 1526 йилда Иброҳим Лўдийнинг онаси малика Байда томонидан заҳарланиб, тасодиф туфайли омон қолади. Лекин соғлиги ёмонлашиб, 1530 йилнинг 26 декабрида Аграда вафот этади ва ўз васиятига кўра Кобул шаҳрида дафн қилинади.

Бобур авлодлар назарида доимо ҳар қандай шароитда ҳам иймон бутунлигига, руҳиятининг баркамоллигига, қалбидаги дилбар ҳисларига доғ туширмай яшаган инсон сифатида гавдаланади. Унинг бой ички дунёси гўзал ташбеҳлар орқали, юксак бадиий шаклларда ифодаланган шеърлари ҳамиша адабиёт ихлосмандлари томонидан чанқоқлик билан ўқилади. Шоирнинг "Сўзимни ўқиб англагайсан ўзимни” деган сатрлари келажак авлодларни ўз асарларида талқин қилинган Ватанга муҳаббат туйғулари соҳиби ва инсониятнинг эзгу орзу-умидларининг муносиб давомчилари бўлишга ундайверади.               


Аҳмад Нафасов,

фахрий муаллим.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда 13.08.2026 Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда 10.08.2026 Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 10.08.2026 Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар 06.08.2026 Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда 06.08.2026 Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди 05.08.2026 Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди 05.08.2026 Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда 05.08.2026 “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди 04.08.2026 Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди 04.08.2026 Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида 01.08.2026 Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди 01.08.2026 Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди 30.07.2026 Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда 30.07.2026 Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди 30.07.2026 Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди 29.07.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот 29.07.2026 Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019